O’zbekiston Respublikasining Buyuk
Britaniya va Shimoliy Irlandiya
Birlashgan Qirolligidagi Elchixonasi
ENG O’ZB РУС









Valyutalar kursi (UZS)   26.09.2017
  CB Buy Sell
GBP 2897.79 2898.00 2941.00
EUR 2456.73 2457.00 2493.00
USD 1832.19 1845.00 1851.00
JPY 224.34 225.00 228.37

Ob-havo (Toshkent) 26.09.2017
Today


, -18 °C
:
, -18°C
Precipitation: %

High -18°C
Low -18°C

High -18°C
Low -18°C

«Алдов қурбони бўлманг!»

Тасаввур қилинг, кечагина уйида, оиласи бағрида хотиржам яшаган, топиш-тутишидан қаноатланган инсон бугун ўз нафсининг сўзига кириб, яқинларидан анча узоқда, хору зорликда, ҳақ-ҳуқуқидан буткул мосуво бўлиб, одам савдоси қурбонига айланиб қолмоқда. Айни пайтда ушбу иллат чегара танламаслиги ҳамда гирдобига, асосан, ёшлар ва аёлларни тортаётганлиги билан дунё ҳамжамиятида катта ташвиш ва хавотир уйғотаяпти. Тан олиш керакки, мазкур жиноий фаолият ортида донорлик, қуллик, ҳарбий тўқнашувларда фойдаланиш, фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбурлаш каби қабиҳ қилмишлар мужассамки, бунга қарши қатъий курашиш, аниқ чора-тадбирларни қўллаш бугунги кунда ҳаётий заруратдир.
БМТ томонидан 2013 йилда 30 июль — Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни сифатида белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида ушбу сана арафасида матбуот анжумани ташкил этилди. Мухбиримиз мазкур тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Гулноза РАҲИМОВА билан мамлакатимизда одам савдосининг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида суҳбатлашди.
— Одам савдоси инсон шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид соладиган трансмиллий жиноятлардан биридир. Буни кўплаб ҳаётий мисоллар орқали кузатишимиз мумкин. Ана шу йўналишда олиб борилаётган ишлар нечоғли самара бераяпти?
— Таассуфки, айни даврга келиб, одам савдоси мўмай фойда келтирувчи фаолият турларидан бирига айланиб улгурди. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, ушбу иллат жаҳон миқёсида тобора чуқурроқ илдиз отиб бораётганига гувоҳ бўламиз. БМТ маълумотларига кўра, дунёда қулга айланиб қолаётган фуқароларнинг сони йилдан-йилга ортиб бораяпти. Айни вақтда мазкур иллат чангалига илиниб, аянчли аҳволга тушиб қолганлар сони 20 миллион нафардан ортиқни ташкил қилмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, ҳар йили дунёда 4 миллиондан ортиқ инсон ўз эркига зид равишда қулга айланаяпти. Халқаро экспертлар берган маълумотларга кўра, мазкур жиноятдан тушаётган йиллик даромад миқдори қарийб 150 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
2013 йилда БТМнинг Бош Ассамблеяси томонидан маъқулланган Резолюцияга асосан, 30 июль — Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни, деб эълон қилинди ҳамда ушбу иллатга қарши янада жиддий курашиш долзарб, кечиктириб бўлмайдиган вазифа сифатида белгиланди. Ҳозирги кунга келиб, юртимизда бу борадаги ишлар таъсирчанлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу ўринда мазкур соҳада, энг аввало, халқаро ҳамжиҳатлик йўлга қўйилганини эътироф этиш жоиз. Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланилишига қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияси ҳамда якуний Баённомаси, Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенция ва уни тўлдирувчи “Одам савдосининг, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақида”ги қўшимча Баённомаси, Болаларни бошқа мамлакатларга ўғирлаб кетишнинг фуқаролик жиҳатлари тўғрисидаги Гаага конвенцияси каби кўплаб халқаро ҳужжатлар иштирокчисига айланди. Шунингдек, бу борада хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосининг хавфли кўринишларига қарши кураш ҳақида ўттиздан ортиқ шартнома ва келишувлар имзоланди.
— Одам савдосига қарши самарали курашиш нафақат мазкур фаолиятни халқаро ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, шу билан бирга, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, унинг ижросини сўзсиз бажаришни ҳам тақозо этади. Шундай эмасми?
— Дарҳақиқат, мамлакатимизда ушбу жиноятга қарши курашиш бўйича ҳуқуқий асослар яратилган. Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилда қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни юртимизда бу офатга барҳам бериш, ундан жабрланганларни ҳимоя қилишда муҳим пойдевор бўлди. Бинобарин, мазкур ҳужжат “одам савдоси” тушунчасини халқаро стандартларга мувофиқ мустаҳкамлади ва ушбу фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг ваколатларини белгилаб берди. Шу билан бирга, одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга ёрдам кўрсатиш масалаларини давлат миқёси даражасига кўтарди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан юқоридаги Қонун нормалари амалиётга татбиқ этилди. Мазкур ҳужжат билан 2008 — 2010 йилларда одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича биринчи Миллий тадбирлар режаси тасдиқланиб, тегишли давлат органлари ва жамоат ташкилотлари олдига аниқ вазифалар қўйилди. Шуни қайд этиш керакки, ҳозир мамлакатимизда ана шу йўналишдаги бешинчи чора-тадбирлар дастури амалга оширилаяпти.
Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази ташкил қилинди, унинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгиланди, тузилмаси ҳамда низоми тасдиқланди. Марказ малакали мутахассислар билан таъминланган бўлиб, бу ерда одам савдоси жабрдийдаларининг яшаши, тиббий, психологик, юридик ва бошқа ёрдам олиши учун барча шароит яратилган.
Мазкур Қонун қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, ушбу тоифадаги жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим ҳужжатлардан бири эканини қайд этиш жоиз. Чунки биометрик маълумотларга эга паспортларнинг жорий этилгани давлат чегарасидан ўтишда шахсни тезкор ва аниқ идентификациялашда муҳим омил бўлмоқда.
Қолаверса, 2013 йил 7 октябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонун билан “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонун ҳамда Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, одам савдосидан жабрланганлар давлат томонидан аҳолининг айрим тоифаларини ишга жойлаштиришдаги қўшимча кафолатлар таъминланадиганлар орасига киритилган.
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 14 мартдаги қарори билан Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган Дастур тасдиқланиб, унда одам савдосига қарши курашишни янада такомиллаштиришга оид бир қатор муҳим тадбирлар киритилди. Шу хусусда ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Дастурда, энг аввало, ушбу соҳага оид ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштиришга доир чоралар акс этди. Чунончи, “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг одам савдосидан жабрланганлар мажбурлов ёки таҳдид остида содир этган қилмиши учун фуқаролик, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод қилиниши ҳақидаги нормасини амалга ошириш тартибини белгилаш назарда тутилди. Иш берувчиларнинг қатъий меҳнат қонунчилиги доирасида ходимлар билан меҳнат муносабатларига киришишларини рағбатлантириш, ходимларни, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ноқонуний ва норасмий ёллашни истисно қилишга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш муҳим жиҳатлардан бири бўлди. Хорижий давлатлардаги меҳнат мигрантлари муаммоларини таҳлил қилиш, уларни бартараф этишда амалий ёрдам бериш фаолиятини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дастур асосида, шунингдек, 2017-2018 йилларда хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан одам савдосига қарши курашиш ва одам савдосидан жабрланганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги шартномаларни тузишга оид таклифлар киритиш, республика ҳудудидан узоқ муддатга чиқиб кетган фуқаролар билан замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ишлашни ташкил этиш тартибини белгилашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланди. Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ташриф буюрган давлати, шу жумладан, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларининг жойлашуви ҳақидаги маълумотларни тақдим этувчи “Сафаркомпаси” электрон мобиль алоқа дастурини яратиш кўзда тутилгани алдов қурбонлари сони камайишига олиб келади.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тўғрисидаги янги низом ва унинг янгиланган таркиби тасдиқланди. Эндиликда ушбу комиссия фаолиятини бошқариш ИИВга ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича, Вояга етмаганлар ишлари бўйича, Одам савдосига қарши курашиш бўйича ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиялар бўйича ягона мувофиқлаштирувчи орган этиб белгиланди.
— Одам савдосига қарши курашишда тарғибот-тушунтириш тадбирларининг амалга оширилиши аҳоли, айниқса, ёшлар, хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, ўз эркини бировлар қўлига топшириб қўйишнинг олдини олишда алоҳида аҳамият касб этади. Сизнинг бу борадаги фикрларингиз қандай?
— Албатта, одам савдосига қарши курашишда аҳоли ўртасида ушбу иллатнинг хавфи ва оқибатлари ҳақида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, фуқароларни бу борадаги вазиятдан огоҳ этиш ҳамда хабардорлигини таъминлаш жуда муҳим. Шу мақсадда 330 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди, уларнинг 15 мингдан кўпини оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар ташкил этади. Шу жумладан, прокуратура органлари томонидан 2369 та учрашув, суҳбат, давра суҳбатлари уюштирилиб, 789 та оммавий ахборот воситасида чиқишлар қилинди.
Айни пайтда ОАВ вакилларини одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги халқаро норма ва стандартлар, миллий қонунчилик асослари ҳамда бу борадаги хорижий тажриба билан таништириш мақсадида кўплаб тадбирлар уюштирилмоқда. Мисол учун, шу йилнинг 17 — 23 июль кунлари прокуратура органларида одам савдосига қарши курашиш бўйича ахборот ҳафталиги ўтказилди. Унинг доирасида одам савдосига қарши курашиш ва олдини олиш мавзуида аҳоли ўртасида 440 та учрашув, давра суҳбатлари ҳамда бошқа тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, матбуот, телевидение ва радио орқали 159 та чиқиш қилинди. Ўз навбатида, масъул ижрочилар билан ҳамкорликда семинарлар, конференциялар ташкил этиш, одам савдосига қарши курашишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини ижрочилар ва аҳолига етказиш режалаштирилган. Албатта, буларнинг барчаси одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
 
⇐ Bo’limga qaytish

















Assosiy | Biz bilan bog’lanish | Sayt tuzilmasi | Izlash

© 2008 — 2017. O’ZBEKISTON RESPUBLIKASINING BUYUK BRITANIYA VA SHIMOLIY IRLANDIYA BIRLASHGAN
QIROLLIGIDAGI ELCHIXONASI
41 Holland Park, London, W11 3RP United Kingdom
Tel: +44 (0) 2072297679 | Fax: +44 (0) 2072297029 | Email: info@uzbekembassy.org
Konsulik bo’limi | Tel: 08714681100 | Email: consul@uzbekembassy.org
© 2008 - 2016 Barcha huquqlar himoyalangan.